Алишер Усмоновга тегишли компания «Форпост» IT-гуруҳини сотиб олди
Битим 11 февраль куни бўлиб ўтган.

Алишер Усмоновга тегишли USM Telecom компанияси «ИКС Ҳолдинг»дан «Форпост» IT-компаниялар гуруҳининг 99 фоизини сотиб олди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Маълумотларга кўра, битим 11 февраль куни бўлиб ўтган. Гарчи Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги (USM Telecom’ни ўз ичига олади) изоҳ беришдан бош тортган бўлса-да, «ИКС Ҳолдинг»да акциядорларнинг ўзгариши тасдиқланган.
Битим тафсилотлари ошкор этилмаган. Бироқ, маълумотларга кўра, 2020 йилда USM Telecom «ИКС Ҳолдинг» эгасига айланган, 2021 йилда эса USM бош директори Иван Стрешинский USM Telecom «ИКС Ҳолдинг»ни ўз асосчиси Антон Черепенниковга сотмоқчи эканини маълум қилган.
Таъкидланишича, 8 февраль куни USM Telecom раҳбари ўзгарган. VK (олдинги Mail.ru Group)нинг собиқ бош директори Борис Добродеев компаниянинг бош директори бўлган.
Маълумот ўрнида, «Форпост» компаниялар гуруҳи 2019 йилдан бери «ИКС Ҳолдинг»га тегишли эди. «Форпост» МЧЖ бир нечта IT-компанияларни, жумладан JSA Group, NLogic, «Некст Софт», «Талмер», «Корвет Девелопмент», «Кометрика» ва бошқаларни бошқаради.
Аввалроқ Алишер Усмоновга алоқадор компания «Капиталбанк»дан яна улуш сотиб олгани хабар қилинганди. Шунингдек, Алишер Усмонов фонди Тошкентнинг Эски шаҳарида арт-резиденциялар яратиши ҳақида хабар берилди.






