Alphabet’нинг шўъба корхонаси ўртача дастурчи даражасида код ёзадиган нейрон тармоғини яратди
Нейрон тармоқ 10 та тестни бажариб, иштирокчиларнинг энг яхши 54 фоизига кирган.

Alphabet шўба корхонаси DeepMind AlphaCode сунъий интеллект тизимини яратди. У ўртача дастурчи даражасида код ёзиш билан шуғуллана олади. Бу ҳақда The Verge хабар берди.
Маълум қилинишича, AlphaCode имкониятлари ҳақиқий дастурчилар учун топшириқ ва тестларни тақдим этувчи Codeforces платформасида синовдан ўтказилган. Нейрон тармоқ 10 та тестни бажариб, иштирокчиларнинг энг яхши 54 фоизига кирган. DeepMind’нинг қайд этишича, тизим нолдан янги код яратган, тайёр шаблонлардан фойдаланмаган.
DeepMind нейрон тармоқ тарихда биринчи марта ўрта даражадаги дастурчилар билан рақобатлаша олганини қўшимча қилган. Шу билан бирга, компания фаолият ҳали ишнинг дастлабки босқичида эканлигини айтиб, ҳали AlphaCode фақат рақобатбардош дастурлашда қатнашиши мумкинлиги ва амалий муаммоларни автоматик равишда ҳал қила олмаслигини маълум қилган.
Ҳозирда кўплаб йирик компаниялар нолдан код ёзиши мумкин бўлган нейрон тармоқлар устида ишламоқда. Ҳозирги вақтда бундай тизимларнинг асосий муаммолари — коддаги хатолар, уларни топиш қийин бўлиши мумкинлиги, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материаллардан фойдаланиш.
Аввалроқ Alphabet капиталлашуви акциялар бўлиниши ҳақидаги хабарлар фонида 2 триллион доллардан ошгани хабар қилинганди.






