Amazon биринчи марта реклама бизнесидан тушган даромадни ошкор қилди
Компаниянинг тўртинчи чоракдаги сотувлари 32 фоизга ошди.

Amazon 2021 йилда рекламадан 31 миллиард доллардан ортиқ даромад кўрганини маълум қилди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Маълум қилинишича, Amazon 2021 йилда компаниянинг реклама бизнесидан 31,2 миллиард доллар даромад олгани, тўртинчи чоракда сотувлар 32 фоизга ошгани ҳақида молиявий ҳисобот эълон қилган.
Олдин Amazon ўзининг реклама бизнеси рақамларини ошкор қилмас эди. Таққослаш учун, Microsoft’нинг 2021 йилдаги реклама даромади, бош директор Сатя Наделланинг сўзларига кўра, 10 миллиард доллардан ошган, Snap’нинг даромади 4,12 миллиард доллар, Pinterest’нинг даромади эса 2,58 миллиард долларни ташкил қилган.
Маълумотларга кўра, Amazon’нинг тўртинчи чоракдаги реклама даромади умумий даромаднинг атиги 7 фоизини ташкил этган. Шундай бўлса ҳам, у жисмоний дўконларга қараганда 2 баравар кўпроқ ва компания обуналаридан, жумладан Amazon Prime обунасидан ҳам кўпроқ даромад келтиради.
«Албатта, реклама фақат мижозлар учун фойдали бўлсагина ишлайди. Қачонки ажойиб мижозлар тажрибасини яратганимизда, брендлар учун яхши натижаларни яратамиз», — дейди Amazon бош молиявий директори Браян Олсавский.
Маълумот ўрнида, компания маҳсулотлар рўйхати, қидирув натижалари ва Amazon Fire планшет экранларида реклама қилади.
Шунингдек, Amazon 2021 йилги даромад ҳисоботини эълон қилган. Йил давомида компаниянинг даромади 22 фоизга ўсиб, 469,8 миллиард долларни ташкил этган. Соф даромади 24,9 миллиард долларгача ўсган. Amazon’нинг тўртинчи чоракдаги даромади 9 фоизга ўсиб, 137,4 миллиард долларни, соф даромади 14,3 миллиард долларни ташкил қилган.
Аввалроқ 2021 йилда Microsoft, Amazon ва Alphabet’нинг харидлари рекорд даражага етгани хабар қилинганди. Шунингдек, Amazon баёнотидан сўнг Rivian акциялари «қулагани» ҳақида хабар берилди.






