Amazon бозор қийматининг бир кун ичида ўсиши бўйича рекорд ўрнатди
Аввалги рекорд бир ҳафта олдин, Apple’нинг бозор қиймати бир кунда 181,3 миллиард долларга ошганида ўрнатилган эди.

Amazon’нинг бозор қиймати 4 февралда 191,3 миллиард долларга ошди, бу АҚШ компаниясининг капиталлашувидаги бир кунлик рекорд даражадаги ўсишдир, деб ёзади The Wall Street Journal.
Аввалги рекорд бир ҳафта олдин, Apple’нинг бозор қиймати бир кунда 181,3 миллиард долларга ошганида ўрнатилган эди. 4 февралда Amazon акциялари деярли 14 фоизга қимматлашди, бу уларнинг нархининг деярли етти йил ичида бир кунлик энг катта ўсишидир.
Акция нархининг кўтарилишидан аввал 2021 йилнинг тўртинчи чораги учун молиявий ҳисобот эълон қилинди. Унда компания соф фойдаси деярли икки бараварга, яъни 7,2 миллиард доллардан 14,3 миллиард долларга ошгани ҳақида хабар берди.
Ҳар бир акция учун даромад 14,09 доллардан 27,75 долларгача ошди, бу таҳлилчилар кутганидан етти баравар кўпроқ (3,71 доллар). Компаниянинг даромади 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ўсиб, 137,4 миллиард долларни ташкил этди ва бу таҳлилчилар кутганидан (137,75 миллиард доллар) кам бўлди.
Forbes Real-Time маълумотларига кўра, қимматли қоғозлар кўтарилиши фонида Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги бир кунда 18,8 миллиард долларга (11,4 фоиз) ошиб, 183,5 миллиард долларга етган. Безос дунёнинг учинчи энг бой одами бўлиб турибди.
Аввалроқ Amazon биринчи марта реклама бизнесидан тушган даромадни ошкор қилганди.






