«Amazon кириб келмайдими?!» — Фируз Аллаев гигант компанияларнинг Ўзбекистонга кириши ҳақида
Kommers.uz «Карьера» лойиҳаси доирасида Фируз Аллаев билан суҳбатлашди

Хориждан гигант рақобатчиларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши Asaxiy интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаевни чўчитадими? Ушбу саволга тадбиркор Kommers.uz’нинг «Карьера» лойиҳаси доирасида қилинган суҳбатда батафсил жавоб берди.
«Чўчиш бор. Ўзимизнинг стратегия бўйича кетяпмиз. Биз қилган ишни улар (хорижий, гигант компаниялар назарда тутилган — таҳр.) қила олмасин, деб турли хир йўналишларни ривожлантирмоқдамиз. Масалан китоб йўналишини олайлик, Amazon кириб келмайдими, нима фарқи бор. Китобнинг муаллифлик ҳуқуқи бизда, ўзбек тилида. Ҳатто, Америкада сотилса ҳам, ўзбек тилида чиққан китобни биздан олишга мажбур, чунки муаллифлик ҳукуқи мамлакат учун эмас тил учун берилади», — дейди тадбиркор.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, иккинчи томондан унинг хавотири Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий, гигант компания бозорга қандай ҳажмдаги кучни ташлаши билан боғлиқ.
«Агар кимдир кириб келса, унинг қанақа бюджет ва қанақа жамоа билан кириб келишига боғлиқ», — дейди у.
Фируз Аллаев сўзида давом этар экан Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон ҳамда Россия бизнесига юқори баҳо берди.
«Бугун рус бизнеси, қозоқ бизнеси биздан анча олдинда, яъни профессионал тадбиркорлар, профессионал менежерлар, профессионал маркетологлар эга. Шу томондан хавотир бор», — дейди у.






