АҚШ сенаторлари Россия захираларидаги олтин билан операцияларни тақиқлашни таклиф қилди
Ташаббус Москва 2014 йилдан бери тўпланган захираларни йўқ қилишига йўл қўймасликка қаратилган.

АҚШ сенаторлари Россия Марказий банки захираларидаги олтин билан операцияларни тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда Axios хабар берди.
АҚШ сенаторлари Россия Марказий банки захираларидан олтин билан операцияларни тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ташаббус қаттиқ санкциялар оқибатларини бартараф этиш учун Москванинг 2014 йилдан бери тўпланган захираларни йўқ қилишига йўл қўймасликка қаратилган.
Қайд этилишича, сенаторлар Ангус Кинг, Билл Хагерти, Жон Корнин ва Мегги Ҳассан томонидан тақдим этилган қонун лойиҳаси Россия олтинлари билан савдо қилувчи ҳар қандай АҚШ субъектига нисбатан иккинчи даражали санкцияларни назарда тутади.
Шунингдек, ташаббусдан кўзланган мақсад Москванинг санкциялар туфайли хорижий валютадаги музлатилган активларини қоплашнинг қолган йўлларидан бирини тўсиб қўйиш ва жиддий чекловларга қарши туриш учун олтин захираларини тугатишдир.
Таъкидланишича, сенаторлар бу таклифни қонунчилар 11 мартгача қабул қилишга умид қилаётган харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритишни кутмоқда.
Маълумотларга кўра, январь ойи охирида Россиянинг олтин захиралари 132,3 миллиард долларга баҳоланган. 2014 йилда АҚШ Қримни аннексия қилганидан сўнг Россияга қарши санкциялар жорий қилган олти йил ичида Москва олтин харид қилиш суръатини ошириб, захираларини икки бараварга оширди ва энг йирик давлат харидорига айланди.
Пандемия бошланганидан сўнг, 2020 йил апрель ойида Марказий банк металл нархининг ошиши муносабати билан мамлакатнинг халқаро захираларига олтин сотиб олишни тўхтатди. 27 февраль куни, Украинага ҳарбий ҳужум бошланганидан уч кун ўтиб, Ғарбнинг қаттиқ санкциялари жорий қилингач, Марказий банк икки йиллик танаффусдан сўнг ички бозорда олтин сотиб олишни қайта бошлаганини эълон қилди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини тайёрлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Жанубий Корея Россия Марказий банки билан молиявий операцияларни тўхтатгани ҳақида хабар берилди.






