Asakabank Telegram’даги фирибгарлардан огоҳлантирди
Банк фирибгарлик бўйича 1152 қисқа рақамига хабар беришни сўраган
Telegram мессенжерида Asakabank’га тегишли бўлмаган бот мавжудлиги аниқланди ва у фирибгарлик ҳаракатларини амалга оширмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бот банкка тегишли эмас ва банк билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Asakabank фуқароларни хушёрликка чақириб, ҳеч қачон паспорт ва пластик карта маълумотлари (карта рақами, исми-шарифи, амал қилиш муддати, орқа томондаги 3 хонали рақам) ни бегона шахсларга бермаслик ҳамда доимо маълумотларни ҳар бир муассасанинг расмий саҳифалари орқали текширишни маслаҳат берган.
Шунингдек, фуқаролардан Asakabank номидан иш кўраётган сохта ботлар томонидан фирибгарликнинг барча ҳолатлари бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиш ҳамда банкнинг 1152 қисқа рақамига хабар бериш сўралган.
Аввалроқ Uzcard подкастерлар учун бизнес-инкубатор ишга тушириши маълум қилинганди.