Асосий ва муқобил. Марказий банк макроиқтисодий ривожланиш бўйича 2 та сценарий эъон қилди
Сценарийларда ЯИМ ўсиши ва инфляция бўича турли прогнозлар берилган

Ўзбекистон Марказий банки макроиқтисодий ривожланиш бўйича асосий ва муқобил сценарийларни эъон қилди. Бу бўйича Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг келгусидаги ўзгариши бўйича ноаниқликлар ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу боис ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ташқи ва ички омилларнинг таъсири кўлами ва давомийлигини инобатга олиб асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.
Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши кутилаётган бўлиб, кескин ташқи хатарлар юзага келиши кўзда тутилмайди. Пандемия билан боғлиқ вазият нормаллашиб, инсон ресурслари миграцияси ва трансчегаравий ҳаракатлар бўйича узоқ муддатли чекловлар жорий этилмайди.
Мазкур сценарийга кўра, иқтисодий фаоллик юқори суръатларда жадаллашиб бориб, инвестицион ва истеъмол талаби пандемиягача бўлган даражага тўлиқ тикланади.
Ушбу сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўзининг потенциал даражасига кўтарилиб, реал иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5–6,5 фоизни ташкил этади ва 2023–2024 йилларда 6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Асосий сценарий доирасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг муҳим драйвери сифатида хусусий ички ва ташқи инвестициялар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар қаралмоқда.
Келгуси йилларда мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифаси 2022 йилдан босқичма-босқич фискал консолидация бошланишини тақозо қилади ва фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023–2024 йилларда 2–3 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Юқорида келтирилган омиллар ва тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш даражасидан келиб чиқиб инфляция суръатларининг 2022 йилда 8–9 фоизга ташкил этиши, 2023–2024 йилларда эса 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийси шартлари сифатида жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлигича қолиши сабабли ташқи шароитларнинг ноқулай шаклланиши ва иқтисодий фаолликни пасайиши каби эҳтимоллар асос қилиб олинган.
Ушбу сценарий бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши 2022 йилда 3–4 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Вазиятнинг нормал фазага ўтиши билан 2023 йилдан иқтисодий фаоллик ва ялпи талабнинг тикланиши кузатилиб, 2023 йилда 4,8–5,8 фоизни ва 2024 йилда 5,5–6,5 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.
Бунда, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш учун 2022 йилда ҳам фискал рағбатлантиришлар давом эттирилади ва умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 4–5 фоиз атрофида бўлишини тақозо этиши мумкин. Фискал консолидация 2023 йилдан бошланиб, фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбати 2023 йилда 3–4 фоизгача, 2024 йилда эса 2–2,5 фоизгача пасайиши баҳоланмоқда.
Макроиқтисодий ривожланиш шартлари муқобил сценарий бўйича шаклланган ҳолатда тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши келгуси даврларга кечиктирилади. Натижада, ушбу сценарий шартлари рўй берган шароитда умумий инфляция даражаси 2022 йилда 7,5–8,5 фоизни ташкил этиши ва 2023 йилда эса 5,6–6,6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Юқорида келтирилган сценарийларнинг ҳар бирида пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади иқтисодиётда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляциянинг таргет кўрсаткичига эришишга қаратилади. Бунда, сценарийларда келтирилган вазиятларнинг шаклланишига қараб пул-кредит шароитларининг қатъийлик даражаси белгилаб борилади.
Асосий сценарийда пул-кредит сиёсатини нисбатан қатъий шароитлари сақлаб қолинса, муқобил сценарийда эса пул-кредит шароитларини бироз юмшатиш ҳамда нархлар барқарорлиги ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши мумкин.
Таъкидланишича, келгуси йилларда операцион механизмни янада такомиллаштириш ва пул бозорини ривожлантириш билан биргаликда, ички валюта бозорида ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш, таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятини ривожлантириш ва пул-кредит сиёсати трансмиссон механизми самарадорлигини ошириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар Марказий банкнинг диққат марказида бўлади.
Қайд этилишича, трансмиссион механизм самарадорлигини ошириш вазифаси молия бозорини, хусусан давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш, хусусий капитал бозори кўламини ошириш ва иқтисодиётда банклардан ташқари молиявий воситачилик институтларини ривожлантириш билан боғлиқ ҳисобланади.
Маълум қилинишича, келгуси йилларда алоҳида аҳамият қаратилиши лозим бўлган масала — бу инфляциянинг узоқ муддатли барқарор омилларини бартараф этиш масаласи ҳисобланади. Бу, биринчи навбатда, истеъмол бозорида рақобатни ривожлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, товарлар импортида концентрациялашув даражасини пасайтириш, ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш каби чораларни амалга оширишни тақозо этади.
Хабарга кўра, ушбу таркибий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши инфляциянинг таргет даражасига етганидан сўнг пул-кредит шароитларини босқичма-босқич нейтрал шартларга ўтказиш имконини беради.
Аввалроқ Ўзбекистонда инфляция октябрь ойида йиллик 10,6 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Марказий банк ва МДҲ Молия-банк кенгаши раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилгани маълум қилинди.






