Безоснинг бойлиги Amazon акцияларининг ўсиши фонида 15 млрд долларга ошди
Тадбиркор ҳанузгача дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида учинчи ўринда қолмоқда.

Миллиардер, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги компания акциялари ўсиши билан 15 миллиард долларга ошди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Маълумотларга кўра, Amazon асосчисининг бойлиги 15,2 миллиард долларга (9,21 фоиз) ўсган. Forbes унинг бойлигини 178,8 миллиард долларга баҳолайди, тадбиркор ҳанузгача дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Тадбиркорнинг капитали компания акцияларининг ўсиши фонида кўпайди: премаркетда улар 12 фоиздан кўпроққа кўтарилган. Савдолар очилгандан сўнг Amazon қимматли қоғозларининг ўсиши секинлашган: улар 10,5 фоиз қўшилган ҳолда 3068 доллардан сотилган.
Amazon акцияларининг ўсиши компаниянинг 2021 йилнинг тўртинчи чораги натижаларидан кейин содир бўлган. Унинг йиллик даромади 9 фоизга ошиб, 137,4 миллиард долларни ташкил этган. Шунга қарамай, таҳлилчилар кутганидан (137,75 миллиард доллар) бироз пастроқ бўлиб чиққан.
Шу билан бирга, соф даромад деярли икки баравар ошган ва Amazon’нинг ҳар бир акция учун даромади таҳлилчилар прогнозларидан етти баравар юқори бўлиб, кутилган 3,71 долларга нисбатан 27,75 долларни ташкил этган.
Аввалроқ Amazon биринчи марта реклама бизнесидан тушган даромадни ошкор қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Нидерландиядаги тарихий кўприк Жефф Безоснинг супер яхтаси сузиб ўтиши учун демонтаж қилиниши маълум бўлди.






