«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида сертификат олганларга кредитлар ажратилади
Хизмат бепул кўрсатилади.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида сертификат олганларга компьютер хариди учун истеъмол кредити ажратиш ва уни компенсация қилиб бериш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жисмоний шахслар (31 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс, 16 ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган унинг қонуний вакили) хизматдан фойдаланиш учун мурожаат қилишлари мумкин.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- компьютер сотиб олиш бўйича икки томонлама тузилган олди-сотди шартномаси (pdf форматда);
- «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатганлиги тўғрисида сертификат (pdf форматда).
Тартиб
Ариза берувчи тегишли сертификат берилган санадан бошлаб 60 календарь кун мобайнида исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларига сертификатни илова қилган холда мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтади.
Ёшлар ишлари агентлиги (ваколатли орган) ариза берувчининг мурожаати ЯИДХП орқали тушган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида сертификатни верификациядан ўтказади.
Ваколатли орган томонидан ариза берувчининг маълумотлари тўғри деб топилганда 2 иш кунида кредит фоизлари тўловларини компенсация қилиб бериш тўғрисида маълумотнома берилади.
Маълумотнома олингандан сўнг тегишли банк (АТ «Халқ банки», АТ «Алоқабанк», «Микрокредитбанк» АТБ) филиаллари ўзларининг ички ҳужжатларида белгиланган муддатда кредит ажратиш масаласини кўриб чиқади.
Кредит бўйича фоиз тўловларини тўлаш учун зарурий суммалар ҳар ойнинг 25 санасигача Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказиб борилади.
Хизматни кўрсатиш муддати: 3 иш кунида (қўшимча ўрганиш талаб этилганда 5 иш кунида) Хизмат бепул кўрсатилади.






