Бож, солиқ ва грантлар: сув таъминотини яхшилашда хусусий секторга енгилликлар берилади
Президент 1 майга қадар сув таъминоти бўлмаган маҳаллаларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни тоифаларга ажратишга топшириқ берди.

Ўзбекистонда сув таъминотини яхшилашга хусусий сектор жалб қилиниб, уларга енгилликлар берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилишда хабар берилди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари 1 майга қадар сув таъминоти бўлмаган маҳаллаларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни тоифаларга ажратишга топшириқ берган.
Таъкидланишича, бунда қайси маҳаллада қудуқ қазиш, қайси бирига марказлашган тармоқ тортиш ёки марказий ҳовуз барпо этиш лозим, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши зарур.
Бу ишларга хусусий секторни жалб қилиш учун бир қатор енгилликлар берилади. Жумладан, сув етказиб бериш ускуналари, махсус транспорт харид қилишга ва объектлар қуриш учун кредит фоизининг 14 фоизидан юқори қисмига субсидия ажратилади.
Бундан ташқари, импорт қилинадиган ускуналар ва техникаларга божхона божлари бекор қилинади. Шунингдек, хусусий сектор иштирокидаги сув таъминоти корхоналарига фойда, ер, мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади.
Шу билан бирга, ижтимоий буюртмалар учун бюджетдан ҳар йили камида 50 миллиард сўм грант ажратилади. Ушбу маҳаллаларда хусусий сув таъминоти хизматлари учун тўловлар миқдори маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда келгуси 5 йил ичимлик суви таъминоти учун 40 триллион сўм инвестиция жалб қилиниши хабар қилинганди.




