«Credit Suisse сирлари»: Швейцариядаги энг йирик банк мижозларининг маълумотлари интернетга сиздирилди
Рўйхатда икки нафар ўзбекистонлик ҳам бор.

Журналистлар 20 февраль куни Швейцариянинг Credit Suisse банки мижозларининг ҳисоблари ҳақидаги маълумотларнинг сизиб чиқишига асосланган терговни эълон қилди. Бу ҳолат Швейцариянинг энг йирик банки билан юз берди.
Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) ва The New York Times маълумотларига кўра, ҳисобларида умумий миқдорда 100 миллиард доллардан ортиқ сумма сақланаётган 18 минг мижознинг маълумотлари интернетга сиздирилган. Лойиҳа «Credit Suisse сирлари» деб номланган.

Қайд этилишича, маълумотлари интернетга сиздирилган ҳисоб рақамлар Credit Suisse банкида 1940 ва 2010–йиллар оралиғида очилган. Уларнинг орасида икки ўзбекистонлик номига очилган ҳисоблар ҳам бор.
The New York Times’нинг ёзишича, ўзбекистонлик Саодат Нурзиеванинг ҳам маълумотлари интернетга сиздирилган. Унинг ҳисобида 1 миллирард 855 минг Швейцария франки (2 миллиард 22 миллион доллар) миқдорида маблағ мавжуд.
Шунингдек, Саодат Нурзиева асли ўзбекистонлик, Россияда фаолият олиб борувчи миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси экани айтилган.
Бундан ташқари, Гулрух Тиллаева — Тимур Тиллаевнинг холаси, унинг рафиқаси Ўзбекистон собиқ Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова. Тиллаева Credit Suisse ҳисобини унинг турмуш ўртоғи ва Марказий Осиёдаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлган «Абу Сахий»ни бошқарган Никита Калиниченко билан баҳам кўради.






