Дунё бўйича озиқ-овқат нархлари ўсиши тезлашди
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг январь ойидаги ҳисоботи эълон қилинди.

Дунё бўйича озиқ-овқат нархлари ўсиши тезлашди. Бу ҳақда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг ойлик ҳисоботида сўз боради.
FAO маълумотларига кўра, 2022 йил январь ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари 2021 йил декабрь ойидаги бироз пасайишдан кейин ўсишни тезлаштирган.
FAO озиқ-овқат нархлари индекси (FFPI) 135,7 пунктгача кўтарилган, бу декабрга нисбатан 1,1 фоиз ва 2021 йил январига нисбатан 19,5 фоизга кўпдир. Субиндексларни ҳисоблашда FAO ҳар бир турдаги маҳсулотларнинг қатъий тўплами учун нархларнинг ўзгаришини 2014–2016 йиллардаги ўртача экспорт нархлари билан таққослаган ҳолда вакиллик намунаси бўйича баҳолайди.
Январь ойидаги тезлашиш ўсимлик ёғи ва сут маҳсулотлари экспорт нархларининг сезиларли ўсиши билан боғлиқ (декабрга нисбатан мос равишда 4,1 ва 2,4 фоиз). Ўсимлик ёғи субиндексининг қиймати — 185,9 пункт — тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етган, унинг нархи 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 33,8 фоизга ошган.
Шунингдек, январь ойидаги ўсиш Индонезия ва бошқа йирик ишлаб чиқарувчилардан пальма ёғи етказиб беришнинг қисқариши, соя ёғига (айниқса Ҳиндистонда) кучли талаб ҳамда колза ва кунгабоқар ёғлари таклифининг дефицити билан боғлиқ хавотирлар билан изоҳланади.
Бундан ташқари, январь ойида сут маҳсулотларига ўртача нархларнинг ошишига экспорт имкониятларининг қисқариши (айниқса, Ғарбий Европадан) ва бутун дунё бўйлаб логистика муаммолари, жумладан, коронавируснинг «омикрон» штаммининг тарқалиши туфайли ишчи кучи етишмаслиги сабаб бўлган.
Композит озиқ-овқат нархлари индексининг кўтарилиши шакар нархининг маҳаллий пасайишини (декабрга нисбатан 3 фоизга) қисман қоплаган. Бу кетма-кет икки ойдан бери асосий экспортчилар — Ҳиндистон ва Тайланд учун яхши ишлаб чиқариш истиқболлари, паст этанол нархлари ва Бразилиянинг асосий шакарқамиш далаларида ёмғир ёғгани ҳисобига давом этмоқда. Бироқ, йил давомида FAO шакар субиндекси 19,7 фоизга ўсган.
Январь ойида дон нархи ушбу субиндекснинг йиллик 12,5 фоизга ўсиши фонида барқарорлашган (декабрга нисбатан 0,07 фоиз). Сабаби — Аргентина ва Австралиядаги йирик экинлар туфайли мавсумий буғдой етказиб беришнинг кўпайтирган, аммо юқори навли дон етишмаслиги ва таъминотнинг ноаниқлиги таклифнинг ўсишини мувозанатлаштирган.
Маккажўхори ва гуруч декабрь ойидан бери мос равишда 3,8 ва 3,1 фоизга қимматлашган. Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ўртача нархлари индекслари (2021 йил январига нисбатан 17,3 фоизга ўсган) 2022 йил январь ойида таклифнинг ўсиши ва талабнинг камайиши ҳисобига (декабрга нисбатан 0,2 фоиз) ўсишни секинлаштирган.
Аввалроқ Дунё бўйлаб озиқ-овқат нархлари 2022 йилда ҳам ошишда давом этиши хабар қилинганди. Шунингдек, Дунё бўйича буғдой нархида жадал пасайиш кузатилгани ҳақида хабар берилди.






