Фарғонада қиймати 78,3 млрд сўм бўлган ёғ заводи иш бошлади
Йиллик ёғ ишлаб чиқариш қуввати 15 минг тоннани ташкил этиб, қайта ишланган чигитдан, шунингдек, кунгабоқар ва бошқа мойли экинлардан рафинадланган ёғ, кунжара ва шулха маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона иш бошлаши билан уч сменада 280 та доимий иш ўрни яратилди

Тошлоқ туманидаги Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластерининг янги қуриб битказилган ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхонаси очилиб, иш бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластерининг ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ушбу корхонаси, янги қувватларни ишга тушириш, ип-йигирув, матони тўқиш ва бўяш, тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чигитни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
«Бугун иш бошлаётган корхонада 280 та доимий иш ўрни яратилаётгани, бу – 280 та хонадон доимий даромад манбаига эга бўлди дегани. Бугунги олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам одамларимизни муносиб иш ўрни ва шунга яраша иш ҳақи билан таъминлашдан иборат»,— дейилади хабарда.
Лойиҳа қиймати 78,3 миллиард сўм бўлган корхона, таъсисчиларнинг 38 миллиард сўм маблағи ҳамда Микрокредитбанкнинг 3,7 миллион доллар кредити ҳисобига ташкил этилди. Йиллик ёғ ишлаб чиқариш қуввати 15 минг тоннани ташкил этиб, қайта ишланган чигитдан, шунингдек, кунгабоқар ва бошқа мойли экинлардан рафинадланган ёғ, кунжара ва шулха маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Бир йилда корхонада 225 миллиард сўмлик ёғ ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхона иш бошлаши билан уч сменада 280 та доимий иш ўрни яратилди.






