Германия компанияси Фарғонада Европа бозори учун маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўяди
Буюртма бериладиган кийим-кечаклар учун керакли аралаш матоларни келажакда вилоят ҳудудида ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг Teamdress Holding GmbH компанияси директори Коринна Хорндал ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг германиялик халқаро маслаҳатчиси Мартин Шоршни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Коринна Хорндал Ўзбекистоннинг, хусусан Фарғона вилоятининг текстиль соҳасидаги имкониятларини юқори баҳолаб, Teamdress Holding GmbH айнан шу сабабдан Фарғонада ўз буюртмаларини жойлаштиришни режалаштираётганини қайд этган.
Шунингдек, келажакда буюртма бериладиган кийим-кечаклар учун керакли аралаш матоларни вилоят ҳудудида ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилмоқда.
Вилоятдаги текстиль корхоналари билан ҳамкорлик жараёнида германияликлар томонидан махсус халқаро AAMT дастури ёрдамида ўқув амалиётлари ҳам ташкил этиш кўзда тутилган.
Teamdress Holding GmbH компанияси Европада иқтисодиётнинг турли соҳалари ходимлари учун иш кийимлари етказиб берувчи йирик тузилмалардан бири ҳисобланади. 100 йилдан зиёд тарихга эга компаниянинг бош қароргоҳи Гамбург шаҳрида жойлашган.
Компания дунёнинг турли мамлакатларида жойлашган саноат корхоналари, соғлиқни сақлаш, ўт ўчириш, қутқарув хизматлари, умумий овқатланиш тармоғи ходимлари, ишчилар ва бошқа соҳа вакиллари учун махсус кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар тармоғига эга.