Германия Telegram’ни миллионлаб жаримага тортмоқчи
Ички ишлар вазири Нэнси Фезер ҳам Telegram’даги «нафрат» сўзлари тарқалишига нисбатан қатъийроқ сиёсат олиб боришга чақирганди.

Германия Адлия вазирлиги Павел Дуровнинг Telegram мессенжерини Германия қонунчилигини бузгани учун миллионлаб жаримага тортмоқчи. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Марко Бушман Bild am Sonntag нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Бушманнинг сўзларига кўра, Telegram бошқа онлайн платформалар каби қонунларга бўйсуниши керак. Мессенжер мамлакатдаги ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилиш учун расмий вакил тайинлаши, шунингдек, ноқонуний контент ҳақида хабар бериш механизмини яратиши керак.
«Ушбу мажбуриятлар бузилгани сабабли, биз жарима солиш бўйича кўплаб тартиб-таомилларни бошладик», — дея дейди Бушман.
Адлия вазири, шунингдек, Германия ҳукумати Telegram штаб-квартираси жойлашган БАА ҳукумати билан тез-тез боғланиб туришини таъкидлади.
«Агар билдиришномани (бузилиш тўғрисида) юборишнинг кейинги уриниши муваффақиятсиз бўлса, кейинги қадам оммавий билдиришнома бўлади. Шундан сўнг биз пул билан боғлиқ жаримани қўллашимиз мумкин. Бизнинг қонунларимиз миллионлаб жарималарни назарда тутади», — дейди вазир.
Нашрнинг ёзишича, Telegram мавзуси ижтимоий тармоқларда ҳукуматга таҳдидларнинг тарқалиши туфайли пайдо бўлди. Декабрь ойи ўрталарида Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер ҳам Telegram’даги «нафрат» сўзлари тарқалишига нисбатан қатъийроқ сиёсат олиб боришга чақирганди.
Аввалроқ Signal мессенжери асосчиси Мокси Марлинспайк Telegram жамоаси барча фойдаланувчиларнинг маълумотларини булутда очиқ форматда сақлашини айтиб, шу билан Дуровнинг мессенжерини ишончсизликда айблаганди.






