«Халқ банки»нинг уч нафар ходими меҳнат фаолияти вақтида ҳалок бўлгани тасдиқланди
Ҳолат махсус комиссия томонидан тўлиқ ўрганилди.

«Халқ банки»нинг уч нафар ходими меҳнат фаолияти вақтида ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб ижтимоий тармоқларда «Халқ банки»нинг уч ходими ҳалокат қурбони бўлгани ҳамда улар шанба куни ишлашга мажбурлангани айтилган хабарлар тарқалган.
Мазкур ҳолат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2021 йил 8 ноябрдаги 407-ИЧ-сонли буйруғига асосан тузилган махсус комиссия томонидан тўлиқ ўрганилган.
Ўрганиш натижасида вазият меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодиса деб топилган ва жабрланувчиларнинг ҳар бирига Н-1 шаклидаги далолатнома тузиш юзасидан «Халқ банки» бошқаруви раиси номига ва банкнинг Навоий вилояти филиалига ёзма кўрсатма киритилган.
Шунингдек, махсус текшириш материаллари Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасига юборилган.






