Хитой БМТга Илон Маскнинг лойиҳаси устидан шикоят қилди
Хитой космик станция қуришни 2021 йил апрель ойида бошлаган.

Хитой Бирлашган Миллатлар Ташкилотига миллиардер Илон Маскнинг Starlink лойиҳаси юзасидан шикоят қилди. Бу ҳақда Reuters нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Хитойнинг орбитал станцияси Starlink сунъий йўлдошлари билан тўқнашувнинг олдини олиш учун 2021 йилда икки марта — 1 июль ва 21 октябрь кунлари фавқулодда манёврлар ўтказишга мажбур бўлган. Мамлакат бу борадаги ҳужжатларни БМТнинг коинот масалалари бўйича бошқармасига аллақачон тақдим этган.
«Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Хитой космик станцияси тўқнашувнинг олдини олишни назорат қилди», дейилади БМТ веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Шундан сўнг Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари Маскни қаттиқ қаттиқ танқид остига олди. Улардан бири Starlink сунъий йўлдошларини «коинот қолдиқлари уюми» деб атаса, бошқаси уларни «Америка космик қуроллари» деб атаган.
Starlink — бу тармоқ мавжуд бўлмаган ҳудудларни юқори тезликдаги кенг полосали интернет билан таъминлаш учун Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан жойлаштирилган глобал сунъий йўлдош тизими.
Тахминан 1,9 минг сунъий йўлдош аллақачон орбитага чиқарилган. SpaceX АҚШ Федерал алоқа комиссиясидан жами 12 мингта сунъий йўлдошни учиришга рухсат олган.
Хитой космик станция қуришни 2021 йил апрель ойида бошлаган.
Аввалроқ SpaceX компанияси Falcon 9 ракетаси ёрдамида Turksat 5B алоқа сунъий йўлдошини орбитага учиргани ҳақида хабар берилганди.






