Илон Маск Twitter’дан улуш сотиб олди
Аввалроқ тадбиркор янги ижтимоий тармоқ яратиш ҳақида ўйлаётганини айтганди.
Америкалик миллиардер Илон Маск Twitter’нинг 9,2 фоиз улушини сотиб олди. Бу ҳақда Bloomberg тадбиркор томонидан тақдим этилган 13G декларациясига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск Twitter’нинг 9,2 фоиз улушини сотиб олди. Ушбу янгилик фонида Twitter акциялари премаркет давомида 26 фоизга ошди.
Яқинда миллиардер ўзининг Twitter саҳифасида сўров ўтказиб, обуначилардан ушбу ижтимоий тармоқ сўз эркинлиги тамойилларига амал қиладими, деб сўраганди. Фойдаланувчиларнинг аксарияти (70,4 фоиз) «йўқ» жавобини танлади, шундан сўнг Маск янги ижтимоий тармоқ яратиш ҳақида ўйлаётгани ҳақида ёзди.
Шунингдек, Twitter компанияси 2 апрель куни ҳамкорликда твит ёзиш имконини берувчи янги хусусиятни ишлаб чиқаётганини тасдиқлади. Бундай функция аллақачон Instagram’да мавжуд.
Янги восита «Ҳамкорлик» деб номланади. Ундан фойдаланиш учун бир фойдаланувчи бошқасига қўшма пост сўровини юбориши керак бўлади. У сўровни қабул қилгандан сўнг, пост иккаласининг ҳисобларида пайдо бўлади.
Аввалроқ Илон Маскнинг укасига тегишли стартап ўз маҳсулотларини электр велосипедларда етказиб бериши хабар қилинганди.