Илон Маскнинг бойлиги бир кунда 33 млрд долларга камайди
Миллиардернинг капитали ҳозирда 271 миллиард долларга баҳоланган

Дунёнинг энг бадавлат одами, Tesla компанияси раҳбари Илон Маскнинг бойлиги бир кунда 33,3 миллиард долларга камайди. Буни реал вақт режимида янгиланадиган Forbes Real-Time рейтинги маълумотлари тасдиқлайди.
Маълумотларга кўра, миллиардернинг капитали ҳозирда 271 миллиард долларга баҳоланган. 8 ноябрь кунги савдолар якунида у 304,3 миллиард долларга баҳоланганди.
Йўқотишларга қарамай, Маск сайёранинг энг бой одамлари рейтингида биринчи ўринни сақлаб қолди. Amazon асосчиси Жефф Безос ҳамон 205,9 миллиард доллар бойлиги билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Tesla раҳбарининг бойлиги автомобиль ишлаб чиқарувчиси акциялари тушиши ортидан тушиб кетди. 9 куни акциялар 12 фоизга тушиб кетди. Бу йил бошидан бери энг катта кунлик пасайишдир. 9 ноябрь кунги савдолар якунида Tesla акциялари 1023,5 долларга баҳоланди.
Аввалроқ Tesla компаниясининг нархи 1 триллион доллардан ошгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Илон Маскнинг бойлиги 250 млрд доллардан ошгани маълум бўлди. Кейинчалик Маск миллиардерларга солиқ жорий этиш ғоясини танқид қилди.






