iPhone 14 ўз-ўзидан фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилишни бошлади
Янги смартфон айрим воқеа-ҳодисаларни хатарли вазият сифатида нотўғри талқин қилиб, ўз-ўзидан махсус хизматларга хабар жўнатмоқда

Apple компаниясининг янги iPhone 14 смартфонлари айрим воқеа-ҳодисаларни бахтсиз ҳодиса сифатида баҳолаб, ўз-ўзидан фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилишни бошлади. Бу ҳақда The Wall Street хабар бермоқда.
АҚШдаги айрим iPhone 14 фойдаланувчилари янги смартфон сайр қилаётган, қирғоқ бўйида суратга тушиш жараёнида ёки велосипед бошқараётган пайтда ўз-ўзидан фавқулодда хизматларга бахтсиз ҳодиса юз бергани тўғрисида ёлғон хабарлар жўнатаётганидан шикоят қилишмоқда.
Қайд этилишича, бу iPhone датчиклари воқеа-ҳодисаларни нотўғри талқин қилиши туфайли юзага келмоқда. Apple вакилининг сўзларига кўра, iPhone 14’даги янги тизим ҳалокатли вазиятларни аниқлашда юқори самарадорликда ишлайди.
Маълумот учун iPhone 14 смартфонида бахтсиз ҳодисаларни аниқлаш имконини берувчи янги Crash Detection функцияси мавжуд.
У акселерометр, гироскоп ва симуляция қилинган автоҳалокатлардан ўрганилган дастурий таъминот алгоритмидан олинган маълумотларга асосланади. Қурилма бахтсиз ҳодисани аниқлаганида, экранда фойдаланувчининг батсиз ҳодисага дучор бўлганлигини сўраган ойна пайдо бўлади. Агар қурилма эгаси 20 сония ичида жавоб бермаса, смартфон ёки ақлли соат автоматик равишда фавқулодда хизматларга хабар юборади.






