Марказий банк агент-тренерларни тайёрлаш лойиҳасини ишга туширди
Лойиҳанинг мақсади аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш ва молиявий хавфсизлик борасида билимини оширишдан иборат

Ўзбекистон Марказий банки томонидан аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш соҳасида банк агент-тренерларини тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Марказий банк томонидан «Микрокредитбанк»нинг 12 та вилоят, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 50 нафар ҳудудий банк агентлари учун молиявий саводхонлик бўйича икки кунлик ўқув тренинглари ўтказилган.
Қайд этилишича, лойиҳанинг асосий мақсади аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш ва молиявий хавфсизликни таъминлаш масалаларида билим, кўникма ва масъулиятини шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшадиган банк агент-тренерларини тайёрлашдан иборат.
Тадбир давомида Марказий банк мутахассислари томонидан масъулиятли кредит олиш, банк омонатларидан фойдаланган ҳолда жамғармани шакллантириш бўйича тушунтириш берилган. Шунингдек, молиявий хавфсизлик (жумладан, рақамли молиявий хавфсизлик), молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари, тўлов тизими ва замонавий молиявий технологиялар бўйича асосий тушунчалар тўғрисида маълумот берилган.
Шунингдек, белгиланган вазифалар доирасида тренинг иштирокчилари томонидан мазкур лойиҳа қамрови мамлакат бўйича барча вилоятлардаги яна 500 дан ортиқ банк агент-тренерларини тайёрлаш орқали кенгайтирилади. Натижада маҳаллаларда 100 мингдан ортиқ аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича таълим тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Аввалроқ Марказий банк киберхавфсизлик бўйича семинар ташкиллаштиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Марказий банк меҳнат мигрантлари молиявий саводхонлигини ошириш лойиҳасини ишга туширгани ҳақида хабар берилди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz


