«Марказий банкининг рақамли валютаси ишлаб чиқилади» — Мамаризо Нурмуротов
Марказий банк раиси 2022 йил банк тизимининг изчил ривожланиши тезлашишини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг рақамли валютаси босқичма-босқич ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов «ПЛАС Журнал»га берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматлар бозори, жумладан, нобанк кредит-тўлов ташкилотлари томонидан тақдим этилаётган хизматлар бозорининг янада ўсиши учун асос яратилган.
Бозор тенденцияларидан келиб чиқиб, келгусида очиқ банк фаолиятининг халқаро амалиётини ўрганиш ва халқаро экспертлар иштирокида илмий тадқиқот ўтказиш режалаштирилган. Унинг натижалари бўйича Ўзбекистон Марказий банкининг рақамли валютаси босқичма-босқич ишлаб чиқилади ва синовдан ўтказилади.
Шунингдек, Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош бошқармаси қошидаги банк маълумотлар омбори негизида SupTech технологиясини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ерга, шунингдек, тўлов ташкилотлари ва операторлари ҳам уланади.
«Ишончим комилки, 2022 йилда банк тизими ва умуман мамлакат молия бозорининг изчил ривожланиши фақат тезлашади», — деди Марказий банк раиси.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йил 200 минг сўмлик банкнотлар чиқариш режалаштирилгани ҳақида хабар қилинганди.






