Мексикалик миллиардер «кумуш қирол» вафот этди
Бизнесменни «Мексика қироли Мидас» ва «кумуш қирол» деб аташади.
Мексикалик миллиардер, «кумуш қирол» Альберто Байерес 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Мексика ташқи ишлар вазири Марсело Эбрард Twitter’да маълум қилди.
Ўлим сабаблари ҳозирча маълум эмас.
«Мексикалик машҳур тадбиркор Альберто Байереснинг вафотидан афсусдаман. Унинг оиласи ва дўстларига самимий ҳамдардлик билдираман», — деб ёзди Эбрард.
Альберто Байерес 1931 йилда Мехико шаҳрида туғилган. У бизнесни отаси Рауль Байересдан (1967 йилда вафот этган) мерос қилиб олди. Отаси унга ўндан ортиқ компанияларни, жумладан Cuauhtémoc Moctezuma пиво заводи ва Peñoles тоғ-кон компаниясини қолдирган.
Кейинчалик пиво заводи Нидерландиянинг Heineken компанияси томонидан сотиб олинди.
Бизнесменни «Мексика қироли Мидас» ва «кумуш қирол» деб аташади. У «Фреснильо» кумуш конига ва Мексикадаги энг йирик олтин конларига эгалик қилади.
Байерес буқалар жанги билан ҳам шуғулланган: Эспеcтаcулос Тауринос де Мéхиcо мамлакатдаги кўпчилик буқалар жанги ареналарига эгалик қилади. Миллиардернинг олти ўғли ва бир қизи бор. Forbes бутун оиланинг бойлигини 8,6 миллиард долларга баҳолайди. 2021 йил у дунёнинг энг бой одамлари рейтингида 255-ўринни, Мексикада эса тўртинчи ўринни эгаллаган эди.