Meta Facebook’нинг 50 минг фойдаланувчиси кузатилгани ҳақида хабар берди
Асосан журналистлар ва авторитар режимларни танқид қилувчилар кузатув нишонига айланган.

Facebook’нинг 100 та мамлакатдаги қарийб 50 минг фойдаланувчиси «ёлланма кузатув» билан шуғулланувчи кибер ёлланма ишчилар нишонига айланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Meta раҳбарияти хабар берди.
Қайд этилишича, кузатув «журналистлар, диссидентлар, авторитар режимларни танқид қилувчилар, мухолифатнинг оилалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари» устидан олиб борилган.
Facebook’нинг ўн минглаб фойдаланувчилари кузатув остида эканлиги тўғрисидаги хабарни Meta’нинг таҳдидлар бўйича директори Дэвид Агранович ва кибер-жосусликни тергов қилиш бўлими раҳбари Майк Двилянски маълум қилган. Компания ўз текширувидан сўнг Хитой, Исроил, Ҳиндистон ва Шимолий Македониядаги еттита ташкилотни ўчириб қўйган. Улар ҳукумат ёки хусусий мижозлар номидан интернетда шахсларга жосуслик қилиш билан шуғулланган.
«Биз ўчириб қўйган ёлланма ташкилотлар ҳамжамиятнинг бир нечта йўриқномалари ва хизмат кўрсатиш шартларини бузди. Ҳуқуқбузарликларнинг жиддийлигини инобатга олиб, уларга бизнинг хизматлардан фойдаланиш тақиқланди», дейилади компания хабарида.
Аввалроқ Meta ходимларга офисга қайтишни кечиктириш имконини бергани хабар қилинганди.






