Meta фойдаланувчининг кўз ҳаракати ва юз ифодасини кузатиш технологиясини ишлаб чиқади
Компания олинган маълумотларни реклама берувчиларга сотишни кўзлаган.

Meta фойдаланувчиларнинг metaverse бўйлаб ҳаракатланаётганда кўз ҳаракати ва юз ифодаларини кузатиш технологиясини ишлаб чиқмоқда. Компания тўпланган ахборотни реклама берувчиларга сотмоқчи. Бу ҳақда The Financial Times ёзмоқда.
Нашр қўлга киритган ҳужжатларда фойдаланувчи қаерга қараганига қараб VR (виртуал олам) гарнитурасида графикани аниқлаштириш учун фойдаланиладиган кўзни кузатиш технологияси тавсифланган.
Ўз навбатида, Мета компаниясининг глобал масалалар бўйича вице-президенти Ник Клеггнинг тушунтиришича, тўпланган ахборот реклама берувчиларга «одамлар рекламалар билан ўзаро алоқада бўладими ёки йўқлигини тушунишга» ёрдам бериши мумкин.
Нашр гарнитура ичидаги сенсорлар «медиа контентини мослаштириш» учун фойдаланувчининг юз ифодаларини қандай кузатиши ҳақида батафсил маълумот берувчи патент топганини қайд этган.
«Биз патентларимизнинг мазмуни ёки уларни топшириш сабаблари ҳақида изоҳ бермасак-да, патентларимиз маҳсулот ва хизматларимизда қўлланиладиган технологияга ҳар доим ҳам алоқадор эмаслигини таъкидлаш муҳимдир», — дейди компания вакили.
Аввалроқ Цукербергнинг Meta компанияси 2021 йилнинг «энг ёмони» деб топилгани хабар қилинганди.






