МИБ 21,8 трлн сўмлик ундирувларни амалга оширди
Бюро органлари томонидан давлат фойдасига 8,5 трлн сўм, фуқаролар манфаатлари учун 1,4 трлн сўмдан ортиқ ундирувлар бажарилди

Бюро органлари томонидан 21,8 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилди. Бу ҳақда АОКАда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2022 йилда МИБ томонидан 21,8 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилган. Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 3,7 триллион сўмга ошган. Шундан давлат фойдасига 8,5 триллион сўм, тадбиркорлик ва бошқа субъектлари фойдасига 6 триллион сўм, банкларга 5,8 триллион сўм ва фуқаролар манфаатлари учун 1,4 триллион сўмдан ортиқ ундирувлар бажарилди.
Бундан ташқари, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га 416,4 миллиард сўм пул маблағлари йўналтирилган.
Шундан моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 1 триллион сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилган бўлса, шундан 9,2 миллиард сўмлик 61 та уй-жой ва 636,6 миллион сўмлик 8 та транспорт воситаси алимент олувчиларга олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланган.
Шунингдек, алимент бўйича қарздорларнинг 130 нафар ундирувчиларига «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм пул маблағи тўлаб берилган. Маълум қилинишича, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш тўловлари (алимент) бўйича ундирув 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 578 миллиард сўмга ошган.
Шу билан бирга, қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 925 нафар шахс қайта ишга тикланган ва тўланмай қолган 61 миллиард сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган.





