Миллиардер Абрамович Қора денгиз бўйидаги мулкларини яна биттага оширди
Бизнесмен бундан аввал Геленжикдаги «Спартак» стадиони жойлашган майдонни сотиб олганди.

Россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг Millhouse компанияси таркибига кирувчи «Финэстейт Ко» МЖЧ «Отель-пансионат Кристалл» компаниясининг ягона акционерига айланди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Қайд этилишича, «Отель-пансионат Кристалл» компанияси худди шу ном остидаги меҳмонага эгалик қилади. Кўчмас мулк Россиянинг Геленжик шаҳрида, Қора денгиз яқинида жойлашган.
Илгари «Отель-пансионат Кристалл» меҳмонхонаси паритет асосида Геленжикнинг собиқ мэри ва Давлат Думасининг собиқ депутати Сергей Озеров ва Валерий Сергеевич Озеровга тегишли эди. Сергей Озеров 1998 йилдан 2007 йилгача шаҳарни бошқарган. У 2007 йил декабрь ойида Давлат Думасига сайланганида мэр лавозимини тарк этган.
Маълум қилинишича, ушбу меҳмонхона Абрамовичнинг Геленжикдаги иккинчи кўчмас мулкидир. 2021 йил декабрь ойида Millhouse Геленжик кўрфазининг қарама-қарши қирғоғидаги ташландиқ «Спартак» стадиони ҳудудини сотиб олганди.
Маълумот учун, Абрамовичнинг бойлиги Forbes маълумотларига кўра, 12,8 миллиард долларга баҳоланган. У молиявий ҳолати бўйича дунёда 163-ўринда, Россияда эса 12-ўринда бормоқда. Қайд этиш керакки, миллиардер Англиянинг «Челси» футбол клубига ҳам эгалик қилади.






