Миллиардер Абрамовичнинг Португалия фуқаролигини олгани текширилади
Бизнесмен оиласининг бир қисми Португалиядан келган, деб ҳисоблайди.

Португалия ҳукумати россиялик миллиардер Роман Абрамовичга фуқаролик берилиши қонунийлигини текширишга киришди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Қайд этилишича, у Португалия паспортини 2021 йилнинг апрель ойида ўрта асрларда ушбу мамлакатдан чиқариб юборилган яҳудийларнинг авлодлари учун фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ олганди.
Текширув Португалияда фуқароликни бериш ва паспорт тақдим қилиш учун масъул бўлган Рўйхатга олиш ва нотариуслар институти (IRN) томонидан амалга оширилади.
Текширув бошланишига маҳаллий жамоат фаоллари томонидан бизнесменнинг Европа Иттифоқига яқин бўлиши учун яҳудийларга берилган имтиёздан ноқонуний фойдаланиляпти, деган танқиди сабаб бўлган.
Португалия Адлия вазирлигининг қайд этишича, бундай текширувлар «ҳар қандай эҳтимолий қонунбузарликларга тааллуқли янгиликлар пайдо бўлганда» ўтказилади.
Абрамовичнинг матбуот котибининг ахборот агентлигига айтишича, тадбиркор «қонунларга мувофиқ фуқаролик олинганини кўрсатадиган» текширувларни мамнуният билан қабул қилган.
«Абрамович ўз тарихи ва илдизларини тушуниш учун кўплаб яҳудийлар каби ўзи учун ҳам авлодларнинг фожиали тақдирларидан иборат бўлган оиласи тарихини ўрганмоқда», — дейди миллиардерга яқин бўлган суҳбатдош.
Таъкидланишича, Абрамович олиб борилган тадқиқотлар контекстида оиласининг бир қисми Португалиядан келганлигини аниқлаган.






