Навоийда электромобиль заводи қурилиши мумкин
Вилоятга АҚШ ва Кореядан инвесторлар таклиф этилди.

Навоий вилоятида электромобиль заводи қурилиши мумкин. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Маълум қилинишича, Президентнинг саноатлашган ҳудудда тадбиркорлик учун шарт-шароитларни янада яхшилаш, инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида Навоий вилоятига «эркин иқтисодий зона» мақомини бериш тўғрисидаги топшириғига асосан ҳудуддаги юзга яқин корхонага 120 дан ортиқ лойиҳа бўйича эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақоми берилган.

Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар атрофида бўлиб, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар — салкам 300 миллион долларни ташкил этади. Шу кунга қадар фаолиятини тўлиқ бошлаган лойиҳалар асосида 5000 дан ортиқ доимий иш ўринлари яратилган.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилишида ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги билан бирга вилоят экспортчилар уюшмасининг ташаббускорлиги ҳам муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, яқинда уюшма раиси Сардор Ғаффаровнинг ташаббуси билан АҚШ ва Кореядан инвесторлар таклиф этилиб, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов томонидан қабул қилинди.
Музокаралар давомида америкалик инвестор Исаак Томас билан Навоийда электрокар заводи қурилишига келишилди. Шунингдек, кореялик инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бир қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Шу асосда ҳудуднинг экспорт имкониятини оширишга йўналтирилган бир қатор мегалойиҳаларга старт берилади.
Аввалроқ «Ўзавтосаноат» Хитойнинг BYD электромобиль ишлаб чиқарувчиси билан келишув имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев электромобиль ишлаб чиқариш бўйича амалий ишларни ҳозирдан бошлаш кераклигини айтгани ҳақида хабар берилди.






