НЛМК эгаси Владимир Лисин Украинадаги вазият бўйича ходимларига мурожаат қилди
Миллиардер ходимларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўпламини тайёрлаётганини айтди.

НЛМК гуруҳи эгаси, энг бой россияликлардан бири Владимир Лисин Россиянинг Украинага ҳужуми фонида металлургия гуруҳи ходимларига мурожаат қилди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
«НЛМК ўз ишида катта ўзгаришларга дуч келди ва янги шароитларга мослашишга мажбур», — деди директорлар кенгаши раиси Владимир Лисин ходимларга мурожаатида.
Миллиардернинг гуруҳ корхоналари ходимларига йўллаган мурожаати матни ички порталда эълон қилинган ва ижтимоий тармоқларга чиқарилган. НЛМК матбуот хизмати мурожаат Лисин томонидан ёзилганлигини тасдиқлади.
Унда миллиардер НЛМК учун энг муҳим вазифа — мижозлар олдидаги мажбуриятларни бажариш, иш ўринларини сақлаб қолиш, ходимларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда ижтимоий дастурларни молиялаштиришни ошириш ва муҳтожларга ёрдам бериш деб атаган.
«Биз ходимларнинг фаровонлик даражасини сақлаб қолишга қаратилган барча ходимларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўпламини тайёрламоқдамиз», — деди Лисин.
НЛМК раҳбари Украинадаги можаро қурбонлари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Лисин инсон қурбонлиги ҳар доим катта фожиалиги ва уни оқлаб бўлмаслигини қайд этди. У ўзи ва директорлар кенгашидаги барча ҳамкасблари қарама-қаршиликнинг тезроқ тугашига чин дилдан умид қилишини таъкидлади.
Миллиардернинг таъкидлашича, низоларни тинч, дипломатик йўл билан ҳал қилиш куч ишлатишдан ҳар доим афзалдир.
«Биз учта қитъада саноатни йўлга қўйганмиз ҳамда мамлакатлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот муҳимлигини жуда яхши тушунамиз», — деди у ўз мурожаатида.
Гуруҳ веб-сайтидаги маълумотларга кўра, Владимир Лисин Fletcher Group Holdings орқали НЛМКнинг 79,3 фоиз улушига эгалик қилади. Компания акцияларининг 20,7 фоизи эркин сотувда. Бизнесмен 26,2 миллиард доллар бойлиги билан Forbes рўйхатида учинчи ўринни эгаллаган.
Аввалроқ Миллиардер Олег Тиньков Россиянинг Украинага босқинини қоралагани хабар қилинганди. Шунингедк, USM ҳолдинги Алишер Уcмоновга нисбатан қўлланган санкцияларга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилди.






