Олег Тиньков миллиардер мақомидан маҳрум бўлди
Тадбиркорнинг бойлиги 5,5 баравар қисқарди.

Россиялик тадбиркор Олег Тиньков миллиардерлар сафидан чиқди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Маълум қилинишича, «Тинькофф Банк» асосчиси Олег Тиньковнинг бойлиги 1 март оқшомида 820 миллион долларга баҳоланган. Бу Forbes’нинг сўнгги рейтингидаги баҳодан (4,7 миллиард доллар) 5,5 баравар камдир.
Қайд этилишича, ҳисоб-китобларга тадбиркорнинг банк акцияларидан ташқари La Datcha лойиҳаси, унинг яхтаси ва самолёти, нақд пуллари ва сармоялари киради.
Шунингдек, TCS Group (банкнинг бош компанияси)нинг Лондондаги акциялари нархи бир акция учун 5,52 долларга тенг бўлди. Кун давомида котировкалар минимал 4,61 долларгача тушиб кетди, бутун компания ўша пайтда 919 миллион долларга баҳоланди ва Тиньковнинг бойлиги 760 миллион долларни ташкил этди.
Таъкидланишича, Владимир Путин томонидан Украинага ҳарбий операция бошланганидан бери компания қимматли қоғозлари ўз қийматининг 90 фоизини йўқотган.
Аввалроқ Миллиардер Олег Тиньков Россиянинг Украинага босқинини қоралагани хабар қилинганди. Шунингдек, Илон Маскнинг самолётини таъқиб қилган ўсмир россиялик миллиардерларни кузатишга ўтгани ҳақида хабар берилди.






