Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистонга 200 млн доллар кредит ажратади
Маблағлар короновирус пандемиясидан жабр кўрган корхоналарни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 28 декабрь куни «Коронавирус пандемияси даврида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун Осиё инфратузилма инвестициялари банкининг (ОИИБ) кредит линиясини жалб этиш ва ундан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Қайд этилишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ОИИБдан умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган кредит линиясини жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришган.
ОИИБ кредит линияси давлат кафолати остидаги бир неча траншларга асосланади. Шунингдек, ҳар бир транш 5 йил муддатга, 2 йил имтиёзли давр билан, 6 ойлик Libor (Лондон банклараро таклиф курси) ва қўшимча йиллик 0,65 фоиз ставкаси билан берилади.
ОИИБ’нинг дастлабки ташкилий комиссияси ва кредит линиясининг фойдаланилмаган қисми учун йиллик комиссия 0,25 фоизни ташкил қилади.
Маблағлар коронавирус пандемиясидан жабр кўрган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларни айланма маблағлар билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, жумладан, қишлоқ хўжалиги, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш ва транспорт соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Таъкидлаиншича, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ОИИБ кредит линиясининг қарз олувчиси ва кредит маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ОИИБ томонидан жалб қилинган маблағларни қайтариш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, фоизлар, дастлабки бир марталик ташкилий комиссия ва мажбурият комиссиясини тўлаш, шунингдек, бошқа харажатларни ўз ҳисобидан тўлаш тавсия этилади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2021 йил 29 декабрдан кучга кирган.
Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга 400 миллион доллар кредит ажратиши хабар қилинганди.






