ОТБ Бухоро ва Хоразмни боғловчи темир йўл линиясига 162 млн доллар ажратади
Лойиҳа натижасида вилоятлар ўртасида «Афросиёб» поезди қатнови йўлга қўйилади.

Осиё тараққиёт банки Бухоро ва Хоразмни боғловчи темир йўл линиясини модернизация қилишга 162 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Осиё тараққиёт банки Бухоро ва Хоразм вилоятларини боғловчи 465 километрлик темир йўл линиясини электрлаштириш, темир йўл хизматларини яхшилаш, минтақада савдо ва туризмни рағбатлантириш учун 162 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллаган.
Қайд этилишича, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Бухоро ва Хива шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи Афросиёб поездлари қатнови йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, тезюрар поезд соатига 250 километр тезликда ҳаракатланиб, Бухоро ва Хива ўртасидаги қатнов вақтини икки соатгача қисқартиради. Шунингдек, пойтахт Тошкентдан Хивага етти соатда етиб бориш имконини беради.
Таъкидланишича, лойиҳа Хитойни Марказий Осиё орқали Европа билан боғлайдиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (CАРЕC) 2-коридорининг бир қисмидир. Бу поездлар қатнови частотаси ва сифатини кенгайтириш орқали Ўзбекистоннинг қўшни ва ундан узоқ давлатлар билан алоқа ва савдосини яхшилашга ёрдам беради.
Аввалроқ Тошкентдан Бухорога қўшимча «Афросиёб» қатнови йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.






