«Ўзавтосаноат»нинг 3 та корхонаси сотувга чиқарилади
Шавкат Мирзиёев машинасозлик тармоғининг саноат кластери усулида ривожлантирилишини айтди.

«Ўзавтосаноат»нинг 3 та корхонаси сотувга чиқарилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
«Энди машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантирамиз. Бунга учун етарли имконият ва салоҳиятимиз бор», — деган Президент.
Бунинг учун, авваламбор, илм-фанга асосланиб, «инжиниринг–бутловчи қисмлар–тайёр маҳсулот–савдо ва сервис» яхлит занжирини яратиш керак. Бунда:
- 8 та йирик машинасозлик корхонаси (енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчилар);
- бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона;
- молия, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи;
- Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтлари фаолиятини қамраб олиш зарур.
Бунинг натижасида Миллий машинасозлик кластери ташкил этилади. Икки ой муддатда ушбу кластерни ташкил этиш дастурини киритиш топширилган. Кластерга хорижий инвесторлар ва хусусий секторни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратилади.
Бу борада 1 июлга қадар «Ўзавтосаноат»нинг 3 та корхонасини сотувга чиқаришга кўрсатма берилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда автомобиллар учун «растаможка» 2 бараварга пасайтирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдори пасайтирилиши ҳақида хабар берилди.






