Ўзбекистон 10 ойда қанча электротехника маҳсулотлари экспорт қилгани маълум бўлди
Экспорт ҳажми Тожикистонга 1,4, Қозоғистонга салкам 1,8, Россияга 2 ва Грузияга 1,9 бараварга ошган
Ўзбекистон 2021 йилнинг 10 ойи давомида 450 миллион долларга яқин электротехника маҳсулотларини экспорт қилди. Бу ҳақда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 ой якунларига кўра, тармоқ корхоналари экспорти 450 миллион долларни ташкил этган. Бу 2020 йилнинг тегишли даврига нисбатан 1,3 бараварга кўп.
Қайд этилишича, электротехника маҳсулотларининг Тожикистонга экспорти 1,4, Қозоғистонга салкам 1,8, Россияга 2 ва Грузияга 1,9 бараварга ошган. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника маҳсулотлари экспорт қилинган давлатлар қаторига Яман, Руминия, Албания ва Молдова ҳам қўшилган.
Шу билан бирга, йил якуни билан экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш белгиланган. Бундай натижага янги турдаги маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, экспорт географиясини кенгайтириш, қўшни давлатлардаги йирик савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, корхоналарнинг экспорт фаолиятида молиявий инструментлардан унумли фойдаланишига шароит яратиш орқали эришилиши айтилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ташқи савдо айланмаси энг катта ҳудудлар хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон 9 ойда 1,2 миллиард долларлик калава ип экспорт қилгани ҳақида хабар берилди.