Ўзбекистон АҚШдан 8,54 млн долларга разведкачи учувчисиз ҳарбий аппарат сотиб олади
Битта учувчисиз учиш аппаратининг нархи 225 минг долларга баҳоланмоқда.

АҚШнинг The Foreign Military Sales дастури доирасида Ўзбекистон Америкада ишлаб чиқарилган RQ-20B Puma 3 AE кичик разведкачи учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Shephard Media нашри хабар берди.
Қайд этилишича, учувчисиз ҳарбий аппаратлар 2022 йилнинг 30 ноябрига қадар АҚШнинг AeroVironment мудофаа компанияси томонидан Ўзбекистонга жўнатилади. Битимнинг умумий суммаси, нашрга кўра, 8,54 миллион долларни, қурилманинг бир бирлигининг нархи эса 225 минг долларни ташкил қилади.

Puma 3 AE қурилмаси қуруқлик ёки денгиз устида разведка қилиш учун мўлжалланган ва реал вақтда тасвир маълумотларини тақдим этади. Учувчисиз ҳарбий аппарат иккита 15 мегапикселли 50х катталаштириш ва ёритишга эга камералар билан жиҳозланган.
Маълумот учун, қурилма қўлда учирилиши мумкин (самолёт моделига ўхшаш) ва қўниш учун махсус майдонча талаб этилмайди. Дрон сув ўтказмайдиган электро-оптик ва инфрақизил камералар тўплами билан жиҳозланган бўлиб, у қуруқликка ҳам, сувга ҳам қўна олади.
Қайд этиш керакки, бунга қадар маҳаллий ОАВ Ўзбекистонда ҳам учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида хабар берганди.


