Ўзбекистон бозорларидаги нархлар: нима арзонлашиб, нималар қимматлашди?
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги нархлар бўйича таҳлил эълон қилди

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан 1-21 ноябрь кунлари Қўйлиқ ва Чорсу деҳқон бозорларида асосий истеъмол товарларининг улгуржи нархлари бўйича кузатув натижалари эълон қилиниб борилди. Вазирлик асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот берди.
Арзонлашган маҳсулотлар
Ушбу давр мобайнида бозорда сариқ сабзи 1500 сўмга, қизил сабзи 1000 сўмга, импорт ва маҳаллий олма 2000 сўмга, лавлаги 1000 сўмга, бодринг 500 сўмга, нок 2500 сўмга киви 20 минг сўмга, гуруч 1000 сўмга ва лимон 2500 сўмга арзонлаган.
Қимматлаган маҳсулотлар
Бозорларда картошка 575 сўмга, пиёз 150 сўмга, карам 350 сўмга, саримсоқ пиёз 5500 сўмга, помидор 2250 сўмга, бақлажон 250 сўмга ва қовун 3500 сўмга ошган.
Бозорларга энг кўп келтирилган маҳсулотлар
Тезкор маълумотларга асосан, Қўйлиқ бозорига 1-21 ноябрь кунлари ҳудудлардан жами 14,5 минг тонна маҳсулот, хусусан, 8,7 минг тонна картошка, 4,2 минг тонна пиёз, 543 тонна карам ва 1,0 минг тонна сабзи келтирилган.
Шундан, Тошкент вилоятидан 1506 тонна картошка, 1018 тонна пиёз, 543 тонна карам, 401 тонна сабзи, Самарқанд вилоятидан 764 тонна картошка, 150 тонна сабзи, Жиззах вилоятидан 3,0 минг тонна пиёз ва 22 тонна сабзи, Қашқадарё вилоятидан 260 тонна, Фарғона вилоятидан 74 тонна, Андижон вилоятидан 27 тонна, Бухоро вилоятидан 6 тонна ва Сирдарё вилоятидан 192 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.
Шунингдек, Қўйлиқ бозорига Қозоғистондан 2630 тонна, Қирғизистондан 333 тонна, Афғонистондан 1398 тонна ва Эрондан 2091 тонна картошка келтирилган.
Шу билан бирга, ҳудудлардан Чорсу деҳқон бозорига 1-21 ноябрь кунлари жами 220,0 тонна гўшт маҳсулотлари, шу жумладан 191,1 тонна мол гўшти ва 28,9 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Аввалроқ Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги нархлар бўйича маълумот берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида суюлтирилган газ ва шакар нархи пасайгани ҳақида хабар берилди.






