Ўзбекистон бозорларидаги нархлар: нима арзонлашиб, нималар қимматлашди?
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги нархлар бўйича таҳлил эълон қилди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан 1–26 декабрь кунлари Қўйлиқ ва Чорсу деҳқон бозорларида асосий истеъмол товарларининг улгуржи нархлари бўйича кузатув натижалари эълон қилиниб борилди. Вазирлик асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот берди.
Арзонлаган маҳсулотлар
Ушбу давр мобайнида бозорда узум (ризамат) 10 минг сўмга, апельсин 9500 сўмга, мандарин 5000 сўмга, лимон 2500 сўмга, олма ва саримсоқ пиёз 1500 сўмга, сариқ сабзи 1350 сўмга, қизил сабзи 1100 сўмга, ловия 1000 сўмга ва картошка 75 сўмга арзонлаган.
Қимматлаган маҳсулотлар
Бозорларда бақлажон 14 минг 250 сўмга, қизил булғор қалампири 8500 сўмга, яшил булғор қалампири 8250 сўмга, маҳаллий нок 9000 сўмга, импорт нок 5500 сўмга, бодринг 7125 сўмга, помидор 750 сўмга, нўхат 1500 ва гуруч (аланга) 250 сўмга ошган.
Бозорларга энг кўп келтирилган маҳсулотлар
Тезкор маълумотларга асосан, Қўйлиқ бозорига 1–26 декабрь кунлари ҳудудлардан жами 17,2 минг тонна маҳсулот, хусусан, 9,7 минг тонна картошка, 5,2 минг тонна пиёз, 829 тонна карам ва 1,5 минг тонна сабзи келтирилган.
Шундан, Тошкент вилоятидан 591 тонна картошка, 976 тонна пиёз, 829 тонна карам, 662 тонна сабзи, Самарқанд вилоятидан 328 тонна картошка, 2185 тонна пиёз, Жиззах вилоятидан 2005 тонна пиёз, Қашқадарё вилоятидан 299 тонна, Сурхондарё вилоятидан 376 тонна ва Сирдарё вилоятидан 197 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.
Шунингдек, Қўйлиқ бозорига Қозоғистондан 2988 тонна, Қирғизистондан 486 тонна, Афғонистондан 2823 тонна ва Эрондан 2473 тонна картошка келтирилган.
Шу билан бирга, ҳудудлардан Чорсу деҳқон бозорига 1–26 декабрь кунлари жами 324,7 тонна, шу жумладан 274,1 тонна мол гўшти ва 50,6 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Аввалроқ Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида бензин ва шакарнинг кунлик ўртача нархи тушгани хабар қилинганди.






