Ўзбекистон Кореянинг «Янги Шимолий сиёсат»ини қўллаб-қувватлайди
Корея Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан савдо ҳажмини 2023 йилга бориб 10 млрд долларга етказади

Сеул шаҳрида 26 ноябрь куни Ўзбекистон ва Корея бош вазирлари ўринбосарларининг 4-Йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Корея делегациясига эса бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки бошчилик қилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барқарор ижобий динамикаси қайд этилган. 2021 йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Кореяга амалга оширилган экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 7 миллиард доллардан ошган.

Шунингдек, Ўзбекистон томони Корея ҳукуматининг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан ўзаро савдо ҳажмини 2023 йилга бориб 10 миллиард долларга етказишни кўзлаб олиб борилаётган «Янги Шимолий сиёсат»ини қўллаб-қувватлашга содиқлигини ҳамда ушбу ташаббус доирасида янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирган.

Шу билан бирга, Кореянинг KOICA Халқаро ҳамкорлик агентлиги ёрдамида Ўзбекистонда қиймати 32 миллион долларга тенг бўлган 130 та лойиҳа амалга оширилгани ва Кореяда ўзбек мутахассислари учун 2 мингдан ортиқ амалиёт курслари ташкил этилгани қайд этилган. KOICA билан 2022–2024 йилларга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастурини шакллантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Томонлар бўлажак олий даражадаги ташриф давомида ҳужжатни имзолаш мақсадида уни ниҳоясига етказишга келишиб олган.
Аввалроқ Сардор Умурзоқов Сеулда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга давлатлар хабар қилинди.






