Ўзбекистон Қирғизистонга газ етказиб беришни камайтиради
Қирғизистон жанубида Ўзбекистондан газ етказиб беришнинг камайиши туфайли чекловлар ўрнатилади. Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев мамлакат экспорт газини деярли тўлиқ тўхтатганини маълум қилганди

Қирғизистон жанубида Ўзбекистондан газ етказиб беришнинг камайиши туфайли хусусий секторни газ билан таъминлашга чекловлар ўрнатилади. Бу ҳақда «Газпром Қирғизистон» бош директори ўринбосарига Александр Гребенюк таяниб, «24.kg» хабар берди.
Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев мамлакат экспорт газини деярли тўлиқ тўхтатганини маълум қилганди.
Олдинги прогнозлар бўйича 10 миллион метр куб экспорт қилиш режалаштирилган бўлса, ҳозирча ушбу кўрсаткич 1 миллион метр кубга ҳам етмайди.
Гребенюкнинг сўзларига кўра, ўтган куз-қиш мавсумида республиканинг жанубий вилоятларида ҳаво ҳароратининг пасайиши оқибатида Хўжаобод—Ўш ва Урсатевская—Фарғона газ қувурларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилган.
«Газ таъминоти билан боғлиқ вазият кечаю кундуз кузатилмоқда. Газ қувурларида авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, республика жанубидаги энг йирик истеъмолчи – Ўш шаҳри абонентларини табиий газ билан таъминлашнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда «Ўшгаз» филиали хусусий сектор истеъмолчиларининг ёқилғининг муқобил туридан фойдаланиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда юкланишнинг энг юқори соатларида газ таъминотини чеклашга мажбур бўлади», — деди Александр Гребенюк.






