Ўзбекистонда 118 та қишлоққа алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган — муаммолар
«Ўзбектелеком»нинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча пастлиги таъкидланди.
Ўзбекистондаги 118 та олис қишлоққа алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича йиғилишда айтиб ўтди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни «драйвер» соҳага айлантириб, IT хизматларини 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш бўйича мақсадлар қўйилган.
«Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди Президент.
Шунингдек, соҳада ечимини кутаётган муаммолар ва ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўплиги қайд этилди.
Жумладан, ҳудудларнинг оптик толали интернет билан қамраб олиш даражаси паст — 72 фоиз. 118 та олис қишлоққа алоқа тизими ва интернет умуман етиб бормаган. Шунингдек, магистрал автомобиль йўлларнинг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган. Умуман, ҳудудларда интернет сифати ва тезлиги пастлигича қолмоқда.
«Ўзбектелеком»нинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча пастлиги таъкидланди.
Интернет ва Ўзбекистон
Маълумот учун, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 27 миллиондан ошган, шундан 25 миллиондан кўпи мобил интернет фойдаланувчилари ҳисобланади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вакилининг сўзларига кўра, 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинган, 54 фоиз уй хўжаликларида юқори тезликдаги интернетга уланиш имкони яратилган.