Ўзбекистонда айрим хўжаликларга ҳар бир гектар ер учун 8 млн сўмдан субсидия берилади
Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистонда сувни тежаш технологиялари ёрдамида экин етиштирадиган хўжаликларга ҳар бир гектар ер учун 8 миллион сўмдан субсидия берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Таъкидланишича, сувни тежаш технологиялари ёрдамида озуқа экинлари етиштиришни йўлга қўйган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун уларга ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм субсидия берилади. Шунингдек, хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади.
Бундан ташқари, кредит фоизининг 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредит суммасининг 50 фоизига кафиллик берилади. Гўшт ва сут учун бюджет ҳисобидан бериладиган субсидия миқдори эса 2 бараварга оширилади.
Қайд этилишича, вилоят ва туман ҳокимлари йил якунига қадар ушбу йўналишда 100 минг аҳоли бандлигини таъминлашга масъул бўлади.
Шу билан бирга, Президент 2022 йилда халқаро молия ташкилотларидан 500 миллион доллар жалб этиб, чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаларига йўналтириш зарурлигини қайд этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги бўйича 3 та ҳудуд тажрибаси учун 10 йиллик хорижий кредитлар ажратилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда томорқаларни суғориш харажатларини қисман қоплашга 50 миллиард сўм ажратилиши ҳақида хабар берилди.






