Ўзбекистонда айрим тадбиркорлар учун фойда солиғи ставкаси икки баравар камайтирилди
Имтиёзнинг амал қилиш муддати — 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январгача.
Ўзбекистонда айрим тадбиркорлар учун фойда солиғи ставкаси икки баравар камайтирилди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ҳамда ушбу ҳудудларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан кластерлар мустасно) фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган миқдорда тўлайди.
Қайд этилишича, имтиёзнинг амал қилиш муддати — 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган давр.
Шунингдек, тоғли ҳудудлар ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларнинг рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан тасдиқланади. Батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 мартдаги қонунидан олиш мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзлари рўйхати кенгайтирилгани хабар қилинганди.