Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Чарм-атторлик маҳсулотларини 2,6 бараварга (270,0 миллиард сўмга ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 3,2 бараварга кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, ҳудудларда чарм маҳсулотидан пойабзал ва чарм-атторлик тайёр маҳсулотлари, шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш орқали 2026 йилга бориб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш кўзда тутилган.
Бунда, тайёр чарм маҳсулотларини 2,3 бараварга (3 463,5 миллион квадрат дециметрга), пойабзал маҳсулотларини 2,8 бараварга (318,6 миллион жуфтга), чарм-атторлик маҳсулотларини 2,6 бараварга (270,0 миллиард сўмга ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, чармдан кийим-кечакларни 2 бараварга (54,4 минг донага), импорт ўрнини босувчи бутловчи ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарашини 1,3 бараварга (1 триллион 820,2 миллиард сўмга) ҳамда соҳанинг экспорт кўрсаткичларини 1 миллиард 150 миллион долларга етказиш назарда тутилган.
Аввалроқ Ўзбекистон энг кўп оёқ кийим импорт қилган давлатлар рейтинги маълум қилинганди.






