Ўзбекистонда деҳқончилик учун 1 гектаргача ер ижарага берилади
Президент қарори билан деҳқончиликни қўллаб-қувватлашга 100 млн долларлик кредитлар ажратилади

Президентнинг 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, қарор билан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдони 2022–2025 йилларда захирага қайтарилади. Захирага қайтарилган ерлар сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилади.
Таъкидланишича, ижарага беришда деҳқончиликда яхши натижаларга эришган, мутахассисликка эга, «дафтар»ларга киритилган эҳтиёжманд оилаларга устунлик берилади. Шунингдек, 100 миллион доллар пул банкларга миллий валютада 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга 10 фоиз ставкада жойлаштирилади.
Қайд этилишича, кредитлар деҳқон ва фермерларга 100 миллион сўмгача 14 фоиз ставкада берилади. Шунингдек, кредитлар кичик интенсив боғ ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача; полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва сабзавотчиликка 3 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача ажратилади. Кредитлар янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсиясига асосан берилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот экспорти 5 миллиард долларга етказилишини айтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратилиши ҳақида хабар берилди.






