Ўзбекистонда инвестиция дастурлари доирасида 18,5 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади
Лойиҳалар натижасида 305 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган

Ўзбекистонда 2022 йилда Давлат инвестиция дастури доирасида 18,5 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши ва 305 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
«Бундан буён инвестиция дастурларини ҳокимларнинг ўзи ‘маҳаллабай’ тамойили асосида ишлаб чиқади. Яъни, дастур вазирликда эмас, балки маҳалладан бошлаб шаклланади», — деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, ҳудудлардаги махсус иқтисодий зоналарнинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш учун кейинги йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ йўналтирилиши қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 10 ойда қанча инвестиция ўзлаштирилгани маълум бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёв инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилди.






