Ўзбекистонда келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳажми маълум бўлди
Инфляцион кутилмаларнинг омиллари сифатида ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши кўрсатилган.

Ўзбекистонда келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 16,5 ва 15,6 фоиз экани маълум бўлди. Бу ҳақда Марказий банкнинг асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириши тўғрисидаги йиғилишда маълум қилинди.
Хабар қилинишича, 2021 йилнинг ноябрь ойида йиллик инфляция кўрсаткичи 10,3 фоизни ташкил этган. Бунда, юқори база эффекти ҳисобига инфляциянинг ёқилғи ва транспорт хизматларидан ташқари барча гуруҳларида йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойларга нисбатан секинлашган.
Шунингдек, ноябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,4 фоизни ташкил этган бўлса, ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлариники мос равишда 7,9 ва 8,1 фоиз даражасида бўлган.
Қайд этилишича, ноябрь ойида ўтказилган сўровларда келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,5 фоиз ва 15,6 фоиз даражасида шаклланган. Бунда, респондентлар инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши, пандемия билан боғлиқ ноаниқликларнинг ишлаб чиқариш ва маҳсулот етказиб беришга (импорт) таъсирини келтирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ноябрь ойидаги инфляция кўрсаткичи маълум қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинди.






