Ўзбекистонда Мис саноати кластерини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади
Концепция хорижий консультантлар билан биргаликда тузилади.

Ўзбекистонда 2022 йилнинг сентябрь ойига қадар Мис саноати кластерини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, «Хомашёдан тайёр маҳсулотгача» бўлган кўп поғонали қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган Мис саноати кластерини ривожлантириш концепцияси хорижий консультантлар билан биргаликда ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бунда:
- 2022-2026 йилларда мис хом ашёсидан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли ва технологик занжирини яратиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилади;
- мис ва нодир металлар асосида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини яратиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар манзилли дастури қабул қилинади;
- мис саноати кластери иштирокчилари учун муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини яратиш назарда тутилади.
Қайд этилишича, мисни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш орқали юқори қийматли 8 миллиард долларлик тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг ҳажмини 2 баробарга кўпайтириш мақсад қилинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги мис бойитиш фабрикаси қурилишини бориб кўргани хабар қилинганди.






