Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган айрим шахсларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилади
Стипендия БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бўлади.
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган айрим шахсларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилади. «Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Таъкидланишича, 2022 йил 1 июндан «Ишга марҳамат» мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.
Қарорга кўра:
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойларни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўз номига расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун (олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш) давлат божи тўлашдан озод этилади;
- етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга давлат ОТМда озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситалари харид қилиш учун маблағ ажратиш амалиёти нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам татбиқ этилади.
Шунингдек, 2023-2025 йилларда 10 та ҳудудда реабилитация марказига эга бўлган «Имкон» кўп тармоқли ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 майдан «Саховат» уйларида яшовчи зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга шахсий сарф-харажатлари учун ҳар ойда тегишли нафақа миқдорининг 20 фоизини тўлаш тартиби жорий қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия бериш тартиби белгиланганди.